Қарийб уч ярим ой муқаддам Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган диний олим ва блогер, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов устидан суд жараёни бошланди.
У Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланмоқда. Терговга кўра, Турсунов ўз ахборот платформалари орқали қонунга зид маълумотларни тарқатган.
19 август куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида бўлиб ўтган дастлабки маҳкамада Турсунов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, жамоат тартибига таҳдид соладиган ёки адоват қўзғатадиган материалларни тарқатмаганини айтган. Диний материал тарқатиш айбловини эса қисман тан олган.
Суд бошланган куни Олий суд Мубашшир Аҳмад иши юзасида судга босим ўтказмаслик борасидаги баёнот билан чиқди.
Тошкентдан олинган маълумотга кўра, Мубашшир Аҳмад иши бўйича судя Бобур Раҳимов раислигидаги илк маҳкама очиқ тарзда ўтган, унга журналистлар, блогерлар ва жамоатчилик вакиллари киришига рухсат берилган, аммо суд мажлисидан аудио, фото ва видео ёзиб олиш тақиқланган.
Прокурор ўқиб эшиттирган айблов хулосасига кўра, Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланмоқда.
- 156-модда: Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш.
- 244-1-модда: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш;
- 244-3-модда: Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
Судда иштирок этган журналистларга кўра, Мубашшир Аҳмад ўзига қўйилган айбловларни тан олмаган. У жамоат тартибига таҳдид соладиган ва адоват қўзғатадиган материалларни тарқатганликка оид айбловларни рад этган. Шунингдек, рухсатсиз тарқатилган айрим диний материалларга оид айбловларни эса ўша вақтда Ўзбекистон ҳудудида бўлмагани билан изоҳлаган.
Адвокат Абдуллоҳ Содиққа кўра, Мубашшир Аҳмад диний материаллар тарқатишга оид моддани қисман тан олган.
Судя маҳкамада 20 кунлик танаффус эълон қилган ва кейинги суд мажлисини 8 сентябрга белгилаган.
19 август куни Олий суд Мубашшир Аҳмад иши юзасида судга босим ўтказмасликка чақирди:
"Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлардан суднинг одил судловни таъминлаш борасидаги беғаразлиги ва холислигини гумон остида қолдирувчи чиқишлар қилиб, судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимолини юзага келтиришдан тийилишлари сўралади.
Зотан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 66-моддаси талабларига мувофиқ оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин, таъсир кўрсатишга ҳақли эмас".
Асли наманганлик, кейинги йилларда Туркияда яшаган 51 яшар Мубашшир Аҳмад жорий йилнинг 8 май куни Истанбулда Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган ва орадан икки кун ўтиб Ўзбекистонга топширилган эди.
Турк расмийлари Мубашшир Аҳмаднинг депортация қилинишига асос бўлган қарор тафсилотларини жамоатчиликка расман очиқлагани йўқ. Унинг расмий Тошкентга топширилиши эса Туркияда адвокатлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари томонидан танқидга учради ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мубашшир Аҳмад иши фонида Ўзбекистонда диний сиёсат учун масъул мулозимлардан уч нафари ишдан бўшатилган.
Озодлик манбаларига кўра, ДХХ раиси маслаҳатчиси Илья Пягай ва ДХХнинг экстремизмга қарши кураш бўлими бошлиғи Санжар Саидов ҳамда Президент Администрацияси диний-маърифий масалалар шўъбаси мудири Дилшод Эшнаев лавозимидан олинган.
Ҳукумат манбалари ушбу жараён мамлакатдаги диний сиёсатни мўътадиллаштириш мақсадида амалга оширилаётганини айтсада, бу исътефолар айнан Мубашшир Аҳмад депортига боғланди.
Мубашшир Аҳмад Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач берилган диний эркинликларнинг чегарасини биринчилардан бўлиб синаб кўрган диний олим ва блогерлардан.
У аввалига Ўзбекистонда Азон.уз нашри ва айни номдаги медиа портал, нашриёт ва китоб дўконларига асос солди, аммо кейинроқ фаолиятини Ўзбекистондан Туркияга кўчирди.
Мирзиёев ҳокимиятига лояллик изҳор қилинган баёнотлари ва унинг амалда умрбод президентликда қолишига йўл очган конституция ислоҳотларини қўллаб-қуватлаши, афтидан, уни ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари босимидан ҳимоя қила олмаган.
Форум